Поллиноз чангга аллергиями?

Фасллар келинчаги баҳорни ким севмайди дейсиз. Борлиқ яшил рангга бурканади. Айниқса, дарахтлар, ям-яшил ўсимликлар, ранг-баранг гуллар – бутун оламга ўз чиройини кўз-кўз қилади ва бизни сеҳрлаб қўяди. Тўйиб-тўйиб кўклам тафтини, гуллар ифорини сипқоргинг келади.

Аммо таассуфлар бўлсинки, ҳаммамиз ҳам шундай қила олмаймиз, бизни ҳаяжонга солган гуллар чанги ҳамиша ҳам саломатлигингизга ижобий таʼсир этавермайди. Уларнинг баʼзилари тиббиёт тилида аллергия деб аталган ва ҳозирда кўпчиликни қийин аҳволга солиб қўяётган хасталикларни қўзғайди. Шундай ўсимликлар сингари, турли хил неʼматлар, моддалар шу хусусияти учун аллерген деб аталади.

Уй ва ўсимликлар чанглари, уй ҳайвонларининг териси, қазғоғи ва жунлари, ҳар хил дори-дармонлар ва бир қатор озиқ-овқатлар аллергик хасталикларни зоҳир қилиши мумкин. Аммо, барча ўсимлик ва гуллар ҳам бундай ҳолатни келтириб чиқаравермайди. Чунончи, шимолда фазога таралган ўсимлик гуллари чангларининг баʼзи бирлари аллергия белгиларини келтириб чиқариши мумкин. Бу аллергенлар аксарият кишиларда тумов хасталиги ёки (“полин” инглизларда ўсимлик чанги дегани) бошқа ибора билан айтадиган бўлсак – “пичан иситмаси” шаклида намоён бўлади.

Поллиноз касаллиги сабаблари

Бу хасталикни келтириб чиқарувчи бизга маʼлум омилларга терак, шафтоли, мажнунтол, чинор сингари дарахтларнинг гуллари, шунингдек, исмалоқ, сули, тоғ ялпизи, эрмон, бурган, сассиқ ва хушбўй шира, маккажўхори, шувоқ, кунгабоқар ва бошқа ўнлаб ўсимликларнинг гуллари чангини киритиш мумкин.

Бу ўсимликларни шартли равишда 2 гуруҳга бўлиш мумкин: шамолда чангланувчи ва ҳашаротлар ёрдамида чангланувчи ўсимликлар.

Поллиноз белгилари

Юқорида санаб ўтган ўсимликларнинг гуллаш даврига қараб хасталик хуруж қиладиган давр бошланади. Бунда беморнинг бурундан нафас олиши бирмунча қийинлашади (баʼзан бурун бутунлай битиб қолиб, бемор фақат оғиздан нафас олади), бетиним акса уради, буруннинг шиллиқ қавати шишади, ўткир тумов аломатларига хос белгилар бошланаркан, ҳатто беморга дастрўмолча етказиш қийин бўлиб қолади. Шунингдек, беморда бурун, танглай, кўз қичишади. Кўздан кетма-кет ёш оқади. Эрталаблари кўз атрофи шиллиқ пардасида йиринг пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, беморларда умумий аҳволнинг оғирлашиши, бош оғриғи, баʼзан қуруқ ёʻтал, сержаҳллик, тез чарчаш аломатлари қўшилиб боради. Аллергик тумовнинг хуружи шунчалик кучли бўладики, ҳатто беморни вақтинча ишга яроқсиз ҳам қилиб қўйиши мумкин. Беморда тумов кучая бориб, бурун шиллиқ қаватининг қон билан таʼминланиши бузилади.

Хасталикнинг қанчалик оғир ўтиши ҳаводаги ўсимлик чанглари миқдорига, касалликнинг мавсумий ўтишига ва ҳар бир беморнинг чангга нисбатан сезгирлик даражасига боғлиқ. Айниқса, ҳидга нисбатан ўта сезгир беморларда ҳаводаги турли ҳидларнинг сал ортиши, ҳаво ҳароратининг ўзгариши ҳам ўз таʼсирини кўрсатади. Хасталик ҳаво қуруқ, иссиқ бўлиб шамол эсган кунлари ниҳоят даражада кучаяди ва аксинча, бироз совуқ ҳавода ёки ҳатто эрталабки салқинлик вақтида анча “қўйиб” юборади ёки мўтадиллашади.

Юқорида баён қилиб ўтилган ҳолатларга майда бронх ва бронх шиллиқ қаватлари ҳам қўшилса, у ҳолда беморнинг нафас олиши қийинлашади, натижада “чанг астмаси” белгилари вужудга келади. Бунда беморнинг кўриниши ўзгариб, ёʻталади, нафас олиш ва чиқариш оғирлашади, бемор бўғила бошлайди. Кўкариб кетади. Бу ҳолатни аллергик тумов билан оғриган ва оғриётган беморларнинг 20 фоизида кузатиш мумкин.

Фақатгина ўсимлик чангигина айбдорми?

 

Хўш, одамларнинг шундай азият чекишларига фақат ўсимлик чангигина айбдорми? Ёʻқ, албатта бу “айбдор”лар қаторига хасталикнинг авж олишига туртки бўладиган бошқа омиллар ҳам киради. Жумладан, халқ хўжалиги тармоқларига кимёвий моддаларнинг тобора кўпроқ кириб келаётгани, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, айниқса ҳаво оқимида кансероген, аллергик ва бошқа моддаларнинг кундан-кунга ортиб бориши, кимёвий дори-дармонларнинг табобат оламида кенг ва беқиёс даражада кўп ишлатилиши, айниқса беморларнинг шу дориларни назоратсиз пала-партиш “ўзбилармонлик” билан истеʼмол этишлари аллергия хасталиги кенг тарқалишига сабаб бўлади. Шундай экан дарддан фориғ бўлиш ёʻли борми, деган савол туғилиши табиий албатта. Энг аввало шуни айтиб ўтиш керакки, кўпчилик беморлар хасталикнинг бошланиш даврини “ўтказиб” юборадилар. Тумов бўлибман дея ўзбилармонлик билан дори-дармон қилишади.

Поллиноз касаллигини даволаш

Хасталикни оддий дори-дармонлар билан даволаш эса ҳар доим ҳам кўнгилдагидек натижа беравермайди. Чунки уларнинг баʼзиларининг ўзи беморда қўшимча аллергик ҳолатни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун аллергияга мойил бемор ҳар бир дорини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндашиб, аввал “синаб кўриб” сўнг истеʼмол қилиши зарур.

Бунда хасталик аломатини сезган бемор зудлик билан аллерголог-шифокорга учраши ва назоратида бўлиши керак. Хасталикнинг олдини олиш учун имкон қадар аллергендан узоқда бўлиш, унинг гуллаш даврида ҳаво алмаштириш – иқлими намроқ ерларда дам олишга бориш, агар бунинг иложи бўлмаса, аллерген ўсадиган далаларга, дала ҳовлиларга, боғларга бормаслик керак. Агарда шу ерда хизмат қилишга тўғри келиб қолса, у ҳолда кўз учун ҳимоя ойнаги ва ниқобидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бу эса юқори нафас ёлларига аллергенлар таʼсирини бир оз бўлсада камайтиради.

Поллиноз хасталигига чалинган беморлар ўз организмлари, айниқса юқори нафас ёʻлларини чиниқтиришлари лозим. Ёввойи ҳолда ўсиб, атроф-муҳитга ўз аллергенларини тарқатувчи эрмон, шувоқ, шўра, бурган, исмалоқ сингари гиёҳларни ёʻқотиш, хасталикни олдини олувчи омиллардан биридир. Хасталик авж олган даврда ҳамда хуруж нафас сиқиш жараёни билан кечаётган даврда шамоллаб қолмаслик, муздек чанқовбосди ичимликларни истеʼмол қилмаслик даркор.

Шунингдек, шахсий гигийена қоидаларига амал қилиш, бемор ётадиган хонада чанг тутувчи нарсалар: гилам, парёстиқ сақланмаслиги, хонани нам латта билан тез-тез артиш, тозалаш лозим. Булардан ташқари, беморнинг овқатланишига эʼтибор муҳим ўрин тутади. Ўз вақтида таркибида аллергенлар бўлмайдиган ёхуд аллергияни қўзғатмайдиган овқатларни истеʼмол қилиш лозим. Балиқ, асал, лимон, писта-бодом, тортлар, товуқ гўшти, тухум, шоколад, апелсин, холва, писта ёғи, рангли чанқовбосди ичимликлар сингари аллергияни қўзғатадиган ва уни зўрайтирувчи озиқ-овқатлардан ўзини тийиш яхши самара беради.

Умуман, аллергия одамни анча саросимага солиб қўядиган, баʼзан узоқ йиллар давом этадиган хасталикдир. Хасталик қанчалик ўз вақтида аниқланиб, даволанса, шунчалик қисқа вақт ичида ундан бутунлай ҳоли бўлиш мумкин. Бунинг ҳаммаси ўзимизга боғлиқдир.

Visited 3 times, 1 visit(s) today

Похожие записи

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *